Shou Biznes Dineyra bilan pinhon suhbatlar ruknida Zuhra solieva

Dineyra bilan pinhon suhbatlar ruknida Zuhra solieva

Dineyra bilan pinhon suhbatlar ruknida Zuhra solieva

Бугун кўплаб ажойиб ролларни ижро этган иқтидорли актриса билан пинҳон суҳбат қуришга қарор қилдим. Унинг ҳар сафар экранда пайдо бўлиши, баъзида кичкинагина роли ҳам одамда ўчмас таассурот қолдиради. Унинг табиий ижроси фильмларга ўзига хос жозиба бағишлайди, шу туфайли бўлса керак ҳаммамиз Зуҳра Солиева иштирокидаги фильмларни яхши кўрамиз. Бугунги учрашувимизга қадар мен унга актриса сифатида ва шунчаки, инсон сифатида қандайдир бир илиқлик ва самимийлик билан қарардим. Суҳбатимиздан кейин эса унга бўлган самимий муносабатим янада чуқурлашди. Зуҳра Солиева одамларга ёқмаслиги мумкин бўлмаган инсонларнинг оз сонли сирасига кириши ҳақида хулосага келдим. Ўзингиз ҳам бунга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.



Келинг, бугунги суҳбатимизни қизиқишларингиз мавзусидан бошлаймиз. Айтинг-чи, нималарни яхши кўрасиз?
- Куйлашни ёқтираман – ўзимча ашула хиргойи қилиб юраман. "Киндер сюрприз” ўйинчоқларини тўплаш – яна бир катта қизиқишларимдан бири. Менда улар жуда кўп, уларни характерига қараб, жуфт-жуфт қилиб қўйиб чиқаман. Аммо охирги икки йил ичида бунга вақтим етмаяпти.



Энди мухлисларингиз сизга нима совға қилишни билиб олишди. Яна нималарни қизиқишларингиз сирасига кирита оласиз?
- Яна спорт билан шуғулланишни жуда яхши кўраман. Тўғри, бунга ҳар доим ҳам вақтим етмайди. Спорт машғулотлари нафақат жисмонан, балки маънавий томондан ҳам жуда фойдали.

Зуҳра опа, биз сиз билан "Висол” фильмида бирга ишлаганмиз, аммо мен сизни бундан олдин ҳам билардим. Иш жараёнида сиз "йўл-йўлакай” турли ҳазилларни ўйлаб топишингизни билиб қолдим. Режиссёр ҳам буни қайд этди. Ҳар доим шунақамисиз?
- Актёрларнинг тилида буни "импровизация” дейишади. Институтда мени буюк импровизатор дейишарди. Албатта, бу ҳам ўзига хос истеъдод, чунки ҳамма ҳам импровизацияни уддалайвермайди. Импровизация – бу жуда нозик нарса. Мана, мааслан, актёрлар орасида яхши импровизаторлар бор, аммо ҳамма вақт ҳам уларнинг импровизацияси нишонга тегавермайди. Мана менда ёки Мурод Ражабовда эса бу яхши чиқади, режиссёрларгаям бу ёқади.

Фильмдаги Мурод ака билан эпизодингиз кўпчиликнинг эсида қолган – бу картинадаги энг ёрқин эпизодлардан биридир. Айниқса, ўша "қулупнайли мураббо” жумласи...
- Ҳа, бу ҳам импровизация эди. Ҳозирги турмуш ўртоғим, у пайтда ҳали қаллиғим, мени "қулупнайли мураббом” деб чақирарди. Шунинг учун шу вариантни таклиф қилдим. Шу билан бу жумла оммабоп иборага айланди, кўпгина мухлисларим ҳам менга бу ҳақда ёзишади. Бу, албатта, ёқимли.



Шу мавзуни кўтарган эканмиз, муҳаббатингиз ҳақида гапириб берсангиз. Қандай қилиб танишгансизлар?
- Интернет орқали танишганмиз. Муҳаббат ҳақидами... Севишдан олдин мен ҳаммага севимли бўлишни тилардим. Айниқса, аёллар учун. Аёл киши севгандан кўра ҳам, севимли бўлганида бахтлироқдир. Аммо, табиийки, ҳаммаси ўзаро бўлиши керак. Менинг тарихимга келсак, биз бир-биримиз билан мулоқот қила бошладик, Интернет орқали ёзишдик. У мен учун келишини, онасини ҳам олиб келишини ва менга уйланишини ёзганида, олдинига унга ишонмадим.

Нега?
- Чунки илк бор мен жуда қаттиқ ва жиддий севиб қолганимда, севган кишим умидларимни оқламади, муҳаббатимни оқламади. Ўшанда муҳаббатдан кўнглим қолиб кетганди, шу боис бу сафар олдинига ишонмадим. Аммо... Менга яна бир имконият берилган экан..



Кейин муносабатларингиз қандай ривожланди?
- Кейин ўзаро телефон алмашдик, қўнғироқлашиб турдик. Сўнг у келди, биз кўришдик, учраша бошладик. Кейин онасини жўнатди, онасига ҳам ёқдим. У ролларимни кўриб, мени шунақа катта аёл деб ўйлаган экан... Бироқ мени кўрганидан кейин ҳайратланди. Ҳатто ўғлига ҳам: "Агар уни алдасанг ёки ташлаб кетсанг – бошқа ўғлим демайман” деб айтибди. Албатта, бундай муносабат мени қувонтирди. Биринчидан, у менинг қалбимни кўра олгани, аслида қандай эканлигимни тушунганини эшитиш менга ёқимли эди. Чунки ҳаётимда шундай вазиятлар бўлганки, мени нотўғри тушунишган, бошқача қабул қилишган. Мен эса одамлар менга қараб туриб, қалбим қандайлигини тушунишларини, балким бир қарашда кўринганидай бошқача одам эмаслигимни англашларини жуда истардим… Унинг онаси ана шундай одамлардан бири бўлиб чиқди. Мен ҳам кўнгли тоза инсонларни ҳис қиламан, шу боис ҳар доим мени ҳам ҳис қилишларини хоҳлардим. Худога шукур, бу юз берди. Динейра, сенда ҳам меҳрибон ва самимий инсонни ҳис қилдим.

Энди сизни ҳақиқий тақдирини учратган бахтли инсон деб айтиш мумкинми?
- Бу бир умрга эканига жуда умид қиламан. Бир умрга ҳеч ким кафолат беролмайди, лекин шундай бўлишини жудаям истардим. "Бир кишини севиш учун ҳаёт жуда узунлик қилади” деган ҳазил ҳам бор. Албатта, бу ҳазил, аммо, одатда, ҳар бир ҳазилда ҳақиқат бўлади. Ҳаётим узун бўлишини, бир умрга битта муҳаббат бўлишини ва ҳеч қачон мен унинг, у эса менинг муҳаббатимдан зерикмаслигини хоҳлардим.

Турмуш қурганингиздан кейин ўзингизда ўзгариш сездингизми?
- Албатта, бирданига тубдан ўзгарганим йўқ. Жуда қизиққон эдим, ҳозир эса ўзимни назорат қилишга ҳаракат қиляпман. Энди қаерга отланяпман, қачон келаман – буларнинг ҳаммаси ҳақида айтишимга тўғри келяпти. Аммо бундан аччиғим чиқаётгани йўқ. Ёлғиз пайтимда ўзим шундай ғамхўрлик ҳақида орзу қилардим, шу боис бундай ғамхўрлик жуда ёқяпти.

Ҳаётингизда юз берган кўнгил совуши ҳақида гапирдингиз. Менда ҳам шундай бўлган, ҳар бир қизнинг, аёлнинг ҳаётида бундай дақиқалар бўлади. Инсоннинг ҳаётдан хафсаласи пир бўлмаслиги, барибир у ўз тақдирини учратиши мумкинлигига ишониши учун қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Энг аввало ва энг асосийси ўзингизга бўлган ва барча яхши нарсаларга бўлган ишончни йўқотмаслик керак. Шунда ҳаммаси бўлади. Ҳаётимдаги биринчи жиддий умидсизликдан кейин қаттиқ руҳий сиқилишга учрадим, менда нафақат муҳаббатга, балки ҳаётга ҳам умид қолмаганди. Кейин эзотерикага қизиқиб қолдим, ижобий фикрлай бошладим, руҳшуносликка қизиқдим – буларнинг ҳаммаси менга ёрдам берди. Маслаҳатга келсак, юқоридагиларнинг барини бошидан кечирган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, тушкунликка тушмаслик керак, инсон ўз миясини қайта дастурлашга куч топиши ва ижобий фикрлашга ўтиши зарур. Тушкунликда юриш эса яхшиликка олиб келмайди. Бу ортиқча ажинлар, ортиқча хасталиклар ва муаммоларни келтиради, холос.



Сизни ижобий фикрловчи ва ҳаётдан мамнун инсон сифатида биламан. Сиз доим шундай бўлганмисиз ёки бунга ҳаётий тажрибангиз туфайли келдингизми?
- Қалбимда мен ҳар доим шундай бўлганман. Аммо ўзимнинг устимда ишламагунимча, ижобий фикрлашни ўрганмагунимча, ўзимни ижобий ҳисларга қаратмагунимча, ўзимни намоён эта олмаганман. Ўзимнинг устимда ишлаш менга ички сифатларимни намоён этишга ёрдам берди. Бундан олдин ўзимдаги ижобий ҳисларни намоён эта олмаганим учун жуда тез тушкунликка тушиб қолардим.

Актёрлик, профессионал фаолиятингиз сизга шундай муаммолар билан курашда ёрдам беряптими?
- Албатта. Агар ёрдам бермаганида, ҳозирги Зуҳра Солиевага айланмасдим, олдингидай эпизодик ролларни ижро этиб юраверардим. Сен ҳам ижодкор инсон сифатида эпизод бу бир лаҳзали роль эканини яхши тушунасан. Мен бундан, кичкина роллардан ўта олдим ва ҳамма танийдиган ва яхши кўрадиган актёр бўлишга эришдим.

Билишимча, сиз ҳар доим мухлисларингиз билан миннатдорлик ҳиссини туйган ҳолда мулоқот қиласиз. Масалан, ижтимоий тармоқларда.
- Ҳеч кимни хафа қилишни истамайман. Мен бу ҳақда орзу қилардим, менга интилишларини, мен билан мулоқот қилишларини истардим. Мана бу юз берганида, нега энди уларни рад қилишим керак экан. Бунга ҳаққим йўқ. Ҳаммасидан ҳам қалбни оғритишларини ёқтирмайман. Кўп марта қалбимни оғритишган, мен бу нималигини биламан, бу қанчалик оғриқли эканини ҳам биламан.
Мана сизга яна бир савол – иримларга ишонасизми?
- Ҳа, жуда. Мен ҳамма белгиларга ишонаман. Уйдан чиқаётганимда, бирор нарсага тегиб кетиб, керакли буюм синса, бунга белги сифатида қарайман. Агар, масалан, бу пайтда иш бўйича отланаётган бўлсам, демак ишларим яхши кетмайди. Белгиларга эътибор беришни ҳам билиш керак. Мен ҳар доим белгиларга эътибор қаратишга ҳаракат қиламан.

Сиз кўпроқ руҳшунослик бўйича китобларни ўқишни ёқтирасизми?
- Мен ўзим учун қизиқарли бўлган ҳар қандай китобни ўқишни ёқтираман. Аммо асосан булар руҳшунослик бўйича дарсликлар. Уларнинг орасида энг биринчи ўқиганим – бу Дэйл Карнеги. Шунингдек, менга Роберт Стоуннинг "Небесная 911” китоби ҳам катта ёрдам берган.

Мактабдаги ўқувчилик йилларингиз ҳақида суҳбатлашсак. Сиз гапга кирадиган ўқувчи бўлганмисиз?
- Йўқ. Тўғриси, мен безори бўлганман, фақат ўғил болалар билан ўйнардим. Мактабимиз орқасидаги боғда дарахтларга тирмашиб юрардим. Директорнинг портфелини олиб қўйганман, ота-онамни мактабга ҳам чақиртиришган. Ланка ўйнардим, агар эсингизда бўлса, шунақа ўйин бўларди. Кимдир мени хафа қилса, гап талашиб ўтирмасдим, дарров муштлашишга тушардим. Бу институтда ҳам иккинчи курсгача давом этди.

Ҳаётингиздаги энг тентакона хатти-ҳаракатингизни эслай оласизми?
- Ҳа, бу амаким ҳарбий госпиталда ётганида бўлган. Биз Фотима билан уни кўришга бордик – Фотима, менинг эгизак опам, афсуски уни 25 ёшда йўқотганман. Бизни госпиталга қўйишмади, мумкин эмас, дейишди. Биздан кейин келган аёлни эса хотиржамгина киритиб юборишди. Шунда Фотима "Фақат ўзингларникини қўясизларми?”, деб сўради. Ўша ерда ўтирган аёл бизга жуда қўпол жавоб қайтарди ва ҳатто опамни туртиб ҳам юборди. Кимдир Фотима опамни хафа қилса, ўзимни билмай қолардим. Мен ўша аёлни ёқасидан олиб, шундай калтакладимки, ҳатто опам ҳам бизни ажратолмай қолди.

Воқеа нима билан тугади?
- Охир-оқибатда навбатчи бошлиқни чақирди. Кетишни хаёлимгаям келтирмаётгандим, шу ернинг ўзида биринчи ролимни ўйнашимга тўғри келди. Бошлиқ мендан "Нега ёши катта аёлни урдинг?”, деб сўраганида, мен мўлтираб қараб "Менми? Урдимми? Наҳотки мен урадиган одамга ўхшасам? Балки қўпол гапиргандирман, мени кечиринг...” дедим. Аёл мен айбдор эканимни исботлай олмади. Ана шу тарзда образга кирдим.

Бирор бир одатларингиз борми? Одамлар билмайдиган бошқа томонингиз?
- Олдин бир одатим бўларди, ҳозир у йўқ. Доим ёстиғим остида бирор ширинлик турарди, усиз уйқуга кетолмасдим. Ҳозирги турмуш ўртоғим билан учраша бошлаганимдан кейин у менга ширинликлардан воз кечиб, бироз озишим кераклигини айтди, ана шунда бу одатимдан халос бўлишга ҳаракат қилдим. Лекин барибир баъзан тунда ширинликка тортиб қолади. Бу одатим ҳалиям бор. Кечалари ҳеч нарса емайман, шунчаки уйғониб, ёстиқни кўтарганимда, бирор ширинликни кўрсам бўлди, кейин яна ухлайман. Яна бир одатим бор, у билан ҳеч қачон хайрлашмасам керак. Ҳар куни мультфильм томоша қилиш. Эски совет мультфильмларини томоша қилишни ёқтираман: "Винни-Пух”, "Лизюков кўчасида яшовчи мушукча”. Энг севимли мультфильмим эса – "Тумандаги типратикон”.
Ўзингизни эртак ёки мультфильм қаҳрамонларидан кимга қиёслаган бўлардингиз?
- Мен ўзимни "Кичкинтой ва Карлсон”даги рўзғор бошқарувчи аёлга қиёслаган бўлардим. Эсингиздами, у "Бу менинг ширин кулчаларим” дейди. Шунга қиёслашим мумкин.

Сизда яхши чиқяпти, унга ўзингиз овоз бергансиз, тўғрими?
- Умуман олганда, мультфильмлар ёки фильмларда овоз бериш орзуим бор. Агар мени таклиф қилишса, жоним билан рози бўламан. Масалан, Вупи Голдберг ижро этадиган бирор қаҳрамонни. Менга яна бир актриса ёқади – Барбара Стрейзанд, у ўйнаган "Шафқатсиз одамлар” фильми эсингиздами, уни гаровга олишади, фильмда у озадиям. Ана уларнинг қаҳрамонларига овоз берган бўлардим.

Худодан шундай бўлишини тилаб қоламан. Суҳбатимиз якунида барчамиз учун аталган тилакларингизни эшитишни истардик.
- Ҳаммага энг эзгу тилакларимни билдираман. Инсон учун энг кераклиги бўлган саломатлик ва муваффақиятни. Шу икки нарса уларнинг ҳаётидаги ажралмас йўлдошига айлансин, саломатлик ва омад уларни ҳеч қачон тарк этмасин. Сайтингизга эса ривож тилайман, сайтингиз ҳақида бутун дунё билсин.

Катта раҳмат. Шахсан ўзимнинг номимдан ҳам муҳаббатингиз умрингизнинг охиригача сиз билан бирга бўлишини, ҳозиргидай жозибали ва ижобий ҳислатли инсон бўлиб қолишингизни тилайман.





Комментарии   

Оставьте комментарий

Меню сайта

Поиск

Календарь

Наш опрос

Каким видом спорта Вы занимаетесь? Какой вид спорта Вы больше любите?

Мини-чат

Для добавления сообщения необходима авторизация

Статистика

Рекламный блок

Подробнее...

Рекламный блок

Здесь может быть реклама ВАШЕГО товара (ресурса)

Подробнее...

Рекламный блок

Здесь может быть реклама ВАШЕГО товара (ресурса)

Подробнее...