Лондоннинг «Арсенал» клуби яқинда ўзининг 125 йиллик юбилейини нишонлаганидан яхши хабардор бўлсангиз керак.
Ортда қолган шу давр ичида мухлислар кўплаб иқтидор соҳибларининг бетакрор ўйинларидан баҳраманд бўлишди. «Тўпчилар»нинг шуҳрат музейи машҳур футбол юлдузларининг номлари билан тўлиб тошган. Уларнинг барчасини қисқача ёдга олиш учун битта мақола камлик қилади.
Шу сабабли эътиборга бошқа жамоаларда шаклланиб, айнан «Арсенал»да юлдуз даражасига кўтарилган футболчиларни ҳавола этамиз. «Арсенал» академиясида вояга етган маҳорат соҳибларига кейинроқ навбат беришга қарор қилганимиз боис, Тони Адамс каби юлдузлар номига дуч келганиигиздан ажабланманг.
Марҳамат, «Арсенал»нинг шу пайтгача амалга оширган харидлари ичида энг омадли 20таси билан танишинг:
1. ГЕРБЕРТ ЧЕПМЕН
Рейтинг рўйхатини ҳозирда дунёнинг энг машҳур клубларидан бирига айланган «Арсенал»га тамал тошини қўйган мураббий- Герберт Чепмендан бошлаш ўринли бўлади. Ўз даврида «Хаддерефилд Таун» клубини муваффақиятли бошқариб турган мутахассисни «тўпчилар» раҳбари 1925 йилда «Арсенал»га таклиф қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай янги бош мураббийда дастлабки совринни қўлга киритиш имконияти пайдо бўлди: 1927 йилда «канонирлар» Англия кубоги учун финалда «Кардифф Сити» билан куч синашдилар. Лекин биринчи уриниш муваффақиятсиз чиқди. 1930 йилди Чепмен яна ўз шогирдларини финалга олиб чиқди. Тақдирнинг қалтис ҳазилига кўра, бу гал жамоа бош мураббийининг собиқ клуби - «Хаддерсфилд Таун»га қарши майдонга тушди ва 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Афсуски, 1934 йилда 55 ёшли Герберт Чепмен «зотилжам» хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмди. Жамоага атиги 8 йил устозлик қилган мутахассис ўз жамоасини 3 марта ички чемпионатда, 1 марта мамлакат кубоги мусобақаларида ғолибликка олиб чиқди.
2. БРАЙАН ТАЛБОТ
1979 йилнинг январида «Ипсвич»дан ўтган Брайан Талботга «Арсенал» бор-йўғи 450000 фунт сарфлаганди. Лондондаги 6 йиллик фаолияти давомида футболчи 327та ўйинда «тўпчилар» шарафини ҳимоя қилиб, 49та гол урди. Лекин ана шу кам сонли голларнинг кўпчилиги муҳим аҳамиятга эга бўлган. 1979 йилда «Арсенал» айнан унинг голи эвазига Англия кубоги финалида «МЮ»дан устун келганди. Талбот 1985 йилда жамоани тарк этган бўлсада, унинг номи анча вақтгача трибуналарда жаранглаб турди.
3. ЭММАНУЭЛЬ ПЕТИ
Пети «Арсенал» сафига Венгер даврида унинг собиқ жамоаси - «Монако»дан ташриф буюрган. Лондонликлар таркибида 118 марта майдонга тушиб, 11та гол урди. Футболчи қисқа вақт ичида Венгер сехемасининг етакчисига айланди. Унинг ҳамжиҳатлиги туфайли Патрик Виейранинг сависи сезиларли даражада ўсди. Эммануэль ўз жамоадаошини тўп билан таъминлашни ҳам, рақиблар ҳужумларини узиб қўйишни ҳам аъло даражада бажарарди. 2000 йилда «Барселона»га йўл олган француз 3 йил ичида Англия чемпионлиги, мамлакат кубоги ва 2та суперкубокни қўлга киритди.
4. ЛИ ДИКСОН
Футболчи Ли Диксонни биринчи навбатда «Арсенал» орқали тан олишди. Гарчи у «Хайбери»га келгунга қадар 4та жамоада тўп суришга ҳам улгурган бўлса ҳам Диксон ўнг қанот ҳимоячиси сифатида 14 йил давомида «Арсенал» шарафини ҳимоя қилди, 4та чемпионлик олтин медаллари, 3та Англия кубоги, кубок эгалари кубогига сазовор бўлди. 1990 йилда рамзий терма жамоа таркибидан жой олди.
5 Клифф Бастин
Бу футболчи «Арсенал»га «Эксетер Сити» клубидан 1929 йилда, Гербет Чепмен ўз жамоасини шакллантиришни якунлаётган пайтда келган. Мазкур трансфернинг қанчалик муҳим эканлиги биринчи мавсумдаёқ маълум бўлди. Ҳужумчи жамоасининг Англия кубогини қўлга киритишида салмоқли ҳисса қўшди. Унинг 396та ўйинда урган 178та голдан иборат рекорди фақат 1997 йилда Иан Райт томонидан янгиланди. Бастинни натижаси янада юқорироқ бўлиш мумкин эди. Бироқ иккинчи жаҳон уруши фаолиятини барвақт якунлашига сабаб бўлди. Шундай бўлсада Клиффнинг номи ҳозиргача мухлислар тилидан тушнгани йўқ.
6. АЛАН СМИТ
1987 йилда «Лестер»дан «Арсенал»га ўтган Смит учун илк мавсум омадли бўлмади. Лекин иккинчи йили Жорж Грэм бежизга ишонч билдирмаганлигини исботлади: 1988-1989 йиллар мавсумини у «хет-трик»билан бошлади. «Канонирлар» таркибидаги 8 йил ичида ҳужумчи 347та ўйинда 115та гол урди. Унинг ҳисобида Англиянинг 2та «олтин бутса»си, 2та чемпионлик унвони, битта Англия, Лига, кубок эагалари кубоги ва Англия сурепкубоги бор.
7. ЧАРЛИ НИКОЛАС
«Арсенал» ўйинига келгунига қадар мавжуд бўлмаган фазилат - жозиба бахш этган футболчи - бу Чарли Николас. Лондонликлар уни «Селтик»дан 1983 йилда 800000 фунт эвазига харид қилиб олишганди. 4 йил давомида 184та ўйинда қатнашган Чарли 54та гол уришга муваффақ бўлди. Гарчи 1987 йилда лига кубогидан бошқа совринларни қўлга киритолмаган бўлсада, майдон ва унинг ташқарисидаги ибратли ҳаракатлари эвазига мухлислар меҳрини қозонди.
8. НАЙЖЕЛ УИНТЕРБЕРН
Кўпчилик мутахассислар бу футболчини «Арсенал» тарихидаги энг яхши чап қанот ҳимоячиси сифатида эътироф этишади. «Хайбери»даги узоқ фаолияти давомида у жамоа равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Уинтербернни 1987 йилда «Уимблдон»дан атиги 350000 фунт эвазига сотиб олишганди. 13 йил ичида у 584та ўйин ўтказиб, 12та голга муаллифлик қилди.
Ўйинда Найжел вазиятга тўғри баҳо бера олиш, жамоадошларига тўпни ўз вақтида етказиб бериш ва стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш хусусияти билан ажралиб турарди. Найжел ўз фаолияти давомида 3та чемпионлик унвонлари, 2та Англия ва Лига кубоклари, кубок эгалари кубогига сазовор бўлди.
9. СОЛ КЕМПБЕЛЛ
«Тоттенхэм»дан «Арсенал» таркибига ўтишнинг ўзи учун «отнинг калласи»дек юракка эга бўлиш керак. Сол нафақат анашу қалтис қарорга, балки «тўпчилар»нинг ёқимтойига айланишга журъат этди. «Хайбери»да ўтган 5 йил давомида Кэмпбелл мунтазам равишда Англия термасининг асосий таркидан жой олиб келди. Қолаверса, у АПЛнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлиб келди. Сол «тўпчилар» сафида 197 марта ўйинга майдонга тушиб, 11та гол урган. Унинг пойқадами жамоа учун анча омадли келди: ўша мавсумда «канонирлар» «олтин дубл»ни қайд этишди. Кейинги 2003-2004 йиллар мавсуми эса жамоа бирорта ҳам мағлубиятни қайд этмади. 2та чемпионлик унвонидан ташқари, 3та Англия кубоги ва 2та суперкубокка сазовор бўлди. Сол ЧЛнинг финалида ҳам гол уришга муваффақ бўлди, аммо унинг голи ғалаба учун камлик қилди.
10. НВАНКО КАНУ
Канунинг фаолияти туғма юрак хасталиги туфайли анча барвақт якунлангандек эди. Миланнинг «Интер» клуби таркибида у 3 йил ичида атиги 12та ўйин ўтказганди. Жарроҳлик йўли билан юрак клапани сунъий мосламага алмаштирилгач, «Арсенал» уни «Реал»га ўтиб кетган Анелька ўрнига сотиб олди. Янги жамоага мослашиш анча осон бўлмади. Бироқ Кану ўз ўйинини топиб олганидан кейин унинг тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмай қолди. Клуб тарихидаги энг чиройли голларнинг муаллифи сифатида футболчи мухлислар ёқимтойига айланди. Айниқса захирадан майдонга тушган ҳолда, «Стэмфорд Бриж»да «Челси» дарвозасини 3 марта ишғол этгани мухлислар хотирасида михланиб қолган. «Хет-трик» 17 дақиқа ичида амалга оширилгани билан ҳам эътиборлидир. Умуман Кану «Арсенал» шарафини 5 йил давомида ҳимоя қилиб, 198та ўйин ўтказди, 44 марта рақиблар дарвозабонларини доғда қолдирди. Шу давр ичида 2 мартадан чемпионлик унвони ва мамлакат кубогига сазовор бўлди.
11. МАРК ОВЕРМАРС
Марк «Хайбери»да 3та ёрқин мавсумларни ўтказди. «Аякс»даги ажойиб фаолиятидан сўнг, Англияда жароҳатлар гирдобида қолди. Шу сабабли Арсен Венгер кўпинча таваккал қилиша мажбур бўлди. 1997 йилда Лондонга келган футболчи 142 марта майдонга тушиб, 41та гол урди. Юқори тезлик унинг асосий қуроли бўлиб, жамоанинг ҳужумкорлигига алоҳида жило бахш этди. 1997-1998 йиллар мавсумида жамоа «олтин дубл»ни қайд этди. Лекин жароҳат олиш давом этавергач, Венгер Овермарсни сотиб юборишга қарор қилди. Шу тариқа «Барселона»га йўл олган футболчи Голландиянинг энг қиммат ўйинчисига айланди.
12. ФРЕДИ ЮНГБЕРГ
Швециялик ҳужумчи ўзининг дебют матчидаёқ «МЮ» дарвозасини забт этиб, «Арсенал» тарихига кирди. Швециянинг «Хальмстад» клубида тўп сураётган футболчини Арсен Венгер 3 млн. фунт эвазига Лондонга олиб келганди. Лекин Фредди Пирес ва Беркамплар билан фантастик учликни ташкил эта олишини ҳатто мураббий ҳам хаёлига келтирмаганди. Шведнинг ўйин услуби 2010-2011 йиллар мавсумидаги Самир Насрини эслатади.
Юнгберг 9 йил давомида 328та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 72та гол, 2та чемпионлик унвони ва битта кубокни ёзиб қўйди. У ҳозирда Японияда тўп сурмоқда. Лекин ашаддий мухлислар учун доимо «тўпчи» бўлиб қолаверади.
13. ПАТ ЖЕННИНГС
Бу футболчи ҳам шимолий Лондоннинг ҳар икки жамоасида тўп суриб, муросасиз рақиб ҳисобланган фанатлар олқишига сазовор бўлган кам сонли футболчилар сирасига киради. «Арсенал»га 1977 йилда ўтган футболчини ҳозир ҳам «шпорлар» ва «канонирлар» мухлислари ҳурмат билан тилга олишади. Шимолий Ирландия вакили 1984 йилга қадар 327 марта «тўпчилар» шарафини ҳимоя қилди. У мукаммал дарвозабонлар тоифасига кирарди. Атиги битта соврин - (Англия кубоги-79)ни қўлга критган бўлсада. Британиянинг энг яхши дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этилди.
14. ДЭВИД СИМЕН
Жон Лукичдек моҳир дарвозабонни асосий таркибдан чиқариб юборишга ҳар қандай мураббий журъат этавермайди. Хайриятки Жорж Грэм қалтис таваккал учун ўзида куч топди. «КПР» клубидан 1,3 млн. фунтга харид қилинган Симэн дастлабки мавсумдаёқ 23та ўйинни «қуруқ» ўтказиб, «Арсенал»нинг шоҳсупага кўтарилишига замин яратди. Ҳаммаси бўлиб 13 йил давомида «тўпчилар» дарвозасини қуриқлагач, 2003 йилда «Манчестер Сити»га ўтди. Лондонликлар таркибида 564 та ўйини эвазига 3та чемпионлик унвони, 4та Англия кубоги ва тадан лига ҳамда кубок эгалари кубогига эга бўлди.
15. РОБЕР ПИРЕС
Пирес учун янги жамоада ўз ўрнини топиш осон бўлмади. Уни Овермарснинг вориси сифатида кутиб олишганди. Фақат маълум муддат ўтганидан кейин франциялик легионер мухлислар ва мураббийлар ишончини оқлади. Муваффақиятли Евро-2000дан кейин баҳоси кескин ошиб кетган футболчи учун «Арсенал» «Марсел»га 6 млн. фунт тўлади. Адаптация жараёни бироз чўзилиб кетган бўлсада, иккинчи мавсумда Роберни тўхтатиб қолишни иложи бўлмай қолди. Майдондаги вазиятни аниқ баҳолай оладиган, голни олдиндан ҳис этадиган Пирес жуда кўп ҳолларда «Арсенал»ни муқарра мағлубиятдан сақлаб қолди. Ҳозирда унинг ролини ижро этиш Рэмзига юклатилган. Лекин Пиреснинг даражасига кўтарилиш учун анча тер тўкиш керак. «Арсенал»да 6 йил ўйнаган Пирес 284 марта майдонга тушиб рақиблар дарвозасини 84 бор ишғол этишга эришди. 2 марта чемпионлик ва бир марта кубок соҳибига айланди.
16 ПАТРИК ВИЕЙРА
Яна бир франциялик иқтидор соҳиби Арсен Венгер билан биргаликда Лондонга ташриф буюрганди. Уларнинг «Арсенал» ҳаётида қандай бурилиш ясашларини ҳеч ким билмасди. Патрик бир вақтнинг ўзида шавқатсиз бузғунчи ва бетакрор ташкилотчи ролларини маромига етказиб адо этди. У жамоани 2005 йилда тарк этган бўлсада, мухлсилар уни ҳамон қўмсашади. Лондондаги 9 йил ичида Виейра 406та ўйин ўтказди, 33та гол урди, 3 марта чемпионлик ва мамлакат кубогига сазовор бўлди.
17. ИАН РАЙТ
«Кристал Пэлас»даги 6 йиллик фаолиятидан сўнг, бу футболчи 1991 йилда «Арсенал» билан шартнома имзолади. Шундан кейин 7 йил давомида жамоа мерганлигини ҳеч кимга бермади. «Саутгемптон» билан кечган ўйиндаги «хет-трик» кейинчалик 288та ўйиндаги 185та голга дебоча бўлиб қолди. Афсуски Райт гранд жамоага анча кечикиб келганди. Венгер жамоани қабул қилиб олган пайтда ҳужумчи 33 ёшда эди. 2 йилдан кейин Венгер ундан воз кечди. Чемпионлик унвони ва 2та мамлакат кубоги Иан билан бирга кетди.
18 ДЕННИС БЕРГКАМП
«Учар голландлар» авлодидан етишиб чиққан Денниснинг ғайри-табиий одатини (самолётда учишдан қўрқишини) оддийгина «аэрофобия» ибораси билан ифодалаш мумкин. Лекин унинг маайдондаги ҳаракатларини таърифлашга сўз бойлиги камлик қилади. Ўша даврнинг кўпгина голлари айнан унинг номи билан атлагни жуда кенг маънога эга. Ваҳоланки ўша голлар бошқа футболчилар томонидан амалга оширилган бўлса ҳам. «Интер»даги икки йиллик фаолиятидан сўнг Бергкамп 1995 йилда Лондонга йўл олди. «Канонирлар» бу Футболчи учун нақ 7,5 млн. фунтдан воз кечишларига тўғри келди. Аммо Арсен шакллантирган «Арсенал»нинг юрагига айланган Деннис бу харажатларни ортиғи билан қайтарди. У 11 йил давомида мухлислар олқишига сазовор бўлиб, ўз номига 3та чемпионлик ва мамлакат кубокларини расмийлаштирди. Бергкамп «Арсенал» учун 423 марта майдонга тушиб, 120та голнинг муаллифига айланди.
19 ТЬЕРРИ АНРИ
Мақола билан танишишни бошлаган зукко мухлислар албатта бу футболчининг фамилиясига дуч келишларини олдиндан ҳис қилганликлари аниқ. Ҳа, Анрини тилга олганда «Арсенал»ни эсламасликни иложи йўқ. 1999 йилда «Ювентусдан 11 млн.га харид қилинган француз 8 йил ичида 380 марта майдонга тушди ва 226та гол билан клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Тезлик маҳорат ва чаққонлик эвазига Анри 4 марта АПЛнинг «олтин бутса»сини қўлга киритди. Шунингдек, 2 марта чемпионлик тожини кийиб 3 марта Англия кубогининг соҳиби бўлди. Уни «Арсенал» тарихидаги энг буюк футболчи сифатида эътироф этишади. Бу фикрни инкор этиш мушкул. Шунга қарамасдан, уни «Арсенал»нинг энг буюк харида дея олмаймиз. Чунки клуб учун унданда муҳимроқ бўлган бир шахс бор.
20. АРСЕН ВЕНГЕР
Ҳатто жамоада ҳукм сураётган ҳозирги мураккаб вазият ҳам Венгернинг «Арсенал»да тутган мавъеига соя сололмайди. У жамоанинг энг ноёб топилмаси эканлигига шубҳа йўқ. Узоқ йиллардан бери жамоа томонидан намойиш этилаётган барча ижобий хусусиятлар - Венгернинг ижоди. Фақат унга тегишли! У ўз вақтида совринларга ҳам эришди, унинг даврида жамоа «Хайбери»дан «Эмирэйтс»га кўчиб ўтди. «Канонирлар» тарихидаги буюк мураббийлар сифатида уни Герберт Чепмен билан ёнма-ён қўйиш мумкин. У ўз шогирдларини 3 марта чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқди, 4 марта мамлакат кубогини қўлга киритди, «Арсенал» унинг раҳбарлиги остида илк марта ЧЛнинг финалига чиқди. Ўзи бошидан кечирган энг оғир дамларда ҳам жамоа учун нима кераклигини ҳеч ким ундан яхшироқ билмаслигини исботлади. Арсен «Арсенал»га совринларни, шон-шуҳрат ва барқарорликни олиб келди. Хуллас, у клуб дунёга келганидан то шу кунгача амалга оширилган харидлар орасида энг омадлисидир!
Здесь может быть реклама ВАШЕГО товара (ресурса)
Здесь может быть реклама ВАШЕГО товара (ресурса)
Комментарии